Скрыть
10:2
10:3
10:4
10:5
10:8
10:11
10:13
10:15
10:17
10:18
10:20
10:21
10:22
10:23
10:27
10:30
10:31
10:35
10:41
Глава 19 
19:2
19:3
19:6
19:8
19:10
19:11
19:15
19:18
19:20
19:21
19:22
19:23
19:24
19:25
19:29
Исо Ўзининг ўн икки шогирдини ёнига чақириб, одамлардан ёмон руҳларни қувиб чиқариш ва ҳар қандай дарду иллатни соғайтириш учун уларга қудрат ато этди.
Ушбу ўн икки ҳаворийнинг исмлари эса қуйидагича: биринчиси Бутрус деб аталган Симун ва унинг укаси Идрис, кейин Забадийнинг ўғиллари Ёқуб билан укаси Юҳанно,
Филип, Бартолмей, Тўма, солиқчи Матто, Алфейнинг ўғли Ёқуб ва Таддей деб аталган Левий,
ватанпарвар Симун ҳамда Исонинг хоини Яҳудо Ишқариёт.
Исо бу ўн икковини жўнатиб, буйруқ берди: “Мажусийлар йўлига оёқ босманглар ва самарияликларнинг бирон шаҳрига кирманглар.
Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар.
Йўлингиз қайга тушмасин, элга: “Осмон Шоҳлиги яқинлаб қолди”, – деб эълон қилинглар.
Хасталарни соғайтиринглар, моховларни пок қилинглар, ўликларни тирилтиринглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар.
Белбоғларингизга олтин, кумуш ёки мис пул ҳам тугманглар.
Йўл учун на тўрва, на бир жуфт кўйлак, на чориқ ва на ҳасса олинглар. Чунки меҳнаткаш ўзининг нон-насибасига муносибдир.
Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ўзингизга муносибларнигина йўқлаб боринг ва жўнагунингизча ўша ерда қолинглар.
Уйга кираётганингизда уй аҳлига салом беринглар.
Агар у уй аҳли ниятингизга муносиб бўлса, уларнинг боши саломат бўлади. Агарда муносиб бўлмаса, саломингиз сизга қайтиб келади.
Агар ким сизни қабул қилмаса ва сўзларингизга қулоқ солмаса, у уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда оёқларингиздан чангни ҳам қоқиб кетинглар.
Сизга чинини айтайин: қиёмат кунида бундай шаҳардан кўра Садўм ва Ғамўра ерининг аҳволи енгилроқ бўлади”.
“Мана, Мен сизларни бўриларнинг орасига қўйлар каби юборяпман. Сиз илондай зийрак, каптардай содда бўлинглар.
Инсонлардан эҳтиёт бўлинглар; чунки сизларни адлияга топшириб, ибодатхоналарда калтаклайдилар.
Менинг номим учун сизларни ҳокимлар ва подшоҳлар қошига олиб борадилар, сиз эса улар ва турли халқлар олдида Менинг гувоҳларим бўласизлар.
Сизни тутиб беришаётганда эса нимани айтамиз, қандай гапирамиз, деб ўйлаб қайғурманглар. Нима айтишингиз кераклиги ўша онда сизларга уқтирилади.
Чунки ўзларингиз эмас, ичингиздаги Отангизнинг Руҳи гапиради.
Ака укасини, ота ўғлини ўлимга топширади. Болалар ўз ота-оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар.
Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача чидаган қутулади.
Агар сизларни бир шаҳардан қувсалар, бошқасига қочиб ўтинглар. Сизларга чинини айтайин: сизлар Исроилнинг шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмасингиздан, Инсон Ўғли ер юзига* қайтиб келади.
Шогирд ўзининг устозидан юқори бўлмас, хизматкор ўзининг хўжайинидан юқори бўлмас.
Шогирдга ўзининг устозидай, хизматкорга ўзининг хўжайинидай бўлса кифоядир. Агар уй эгасига иблис деб ном қўйишган бўлса, унда уй аҳлини яна нималар дейишмайди!”
“Шундай қилиб, улардан қўрқманглар! Чунки очилмай қоладиган ҳеч қандай яширин нарса йўқ, маълум бўлмайдиган ҳеч қандай сир ҳам йўқдир.
Сизга қоронғиликда гапираётганларимни ёруғликда айтаверинглар. Қулоғингизга шивирлаб айтилаётганларни томларнинг устидан эълон қилаверинглар.
Танни ўлдириб, жонни эса ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар. Яхшиси, жонни ҳам, танни ҳам жаҳаннамда ҳалок этишга қодир бўлган Худодан* қўрқинглар.
Иккита чумчуқ бир тангага сотилмайдими? Аммо Отангиз рози бўлмасдан, уларнинг биттаси ҳам ерга тушмайди.
Сизларга келганда, бошингиздаги сочларнинг ҳаммаси ҳам саналгандир.
Шунинг учун қўрқманглар, сизлар талай чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз”.
“Кимда-ким инсонлар олдида Мени тан олса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни тан оламан.
Бироқ, ким инсонлар олдида Мени инкор этса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни инкор этаман.
Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, балки қилич келтиргани келганман.
Одамни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнонасидан ажратиш учун келганман.
Одамнинг душманлари ўз уйидагилар бўлади.
Ота ёки онасини Мендан ортиқ севган Менга лойиқ эмас. Ўғли ёки қизини Мендан ортиқ севган Менга лойиқ эмас.
Кимки ўз хочини олиб, ортимдан эргашмаса, Менга лойиқ эмас.
Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини йўқотган эса жон топади.
Сизни қабул қилган Мени қабул қилади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
Ким пайғамбарни пайғамбар деб қабул қилса, у пайғамбарга яраша эҳсон олади. Ким солиҳни солиҳ деб қабул қилса, у солиҳга яраша эҳсон олади.
Кимки шогирдлик ҳурмати деб, буларнинг ҳатто энг кичигига бир пиёла совуқ сувгина ичирса ҳам, чиндан сизларга айтаманки, у эҳсонига сазовор бўлур”.
Исо бу сўзларни айтиб бўлгач, Жалилани тарк этиб, Яҳудия ҳудудига, Ўрдун дарёсининг нариги томонига келди.
Тумонат халойиқ Унинг кетидан эргашиб юрди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.
Исони синаш ниятидаги баъзи фарзийлар Унинг олдига келиб:- Эркак ҳар қандай сабабга кўра ўз хотинидан ажралиши мумкинми? – деган саволни бердилар.
Исо уларга жавобан:- Тавротда* ўқимагансизларми? – деди. – Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратди
ва деди: “Эр киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади”.
Шунга кўра улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин.
Улар Исога:- Ундай бўлса, Мусо нима учун: “Эркак хотини билан ажралса, талоқ хатини ёзиб берсин”, деб амр этганлар? – дейишди.
У уларга деди:- Бағри тош одамлар бўлганингиз учун Мусо сизларга хотинларингиз билан ажралишга ижозат берган. Лекин бошдан бундай эмас эди.
Мен сизларга шуни айтайин: ким бевафоликдан бошқа сабаб туфайли хотинидан ажралиб, ўзгага уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, эридан ажралган хотинга уйланган ҳам зино қилган бўлади.
Шогирдлар Исога:- Агар эркакнинг хотинига нисбатан шундай мажбурияти бўлса, уйланмаган яхшироқ экан-да! – дейишди.
Исо уларга:- Бу сўзни ҳамма ҳам ҳазм этолмайди, – деди. – Кимгаки насиб бўлса, у ҳазм эта олади.
Баъзи кишиларнинг онадан туғма эркаклиги заифдир. Бошқалар эса одамлар томонидан ахта қилинадилар. Яна бошқалар Осмон Шоҳлиги йўлида уйланишдан воз кечадилар. Уддалаган бу гапларнинг мағзини чақсин.
Шунда Исо уларнинг пешаналарига қўлларини қўйиб дуо қилиши учун, Унинг олдига болаларни келтиришди. Шогирдлари етаклаб келувчиларни койий бошлагач,
Исо деди:- Болаларни қўйинглар, Менинг олдимга келишларига тўсқинлик қилманглар. Зеро Осмон Шоҳлиги шундайларникидир.
Уларнинг пешаналарини силаб, у ердан жўнаб кетди.
Шу маҳал бир киши Исонинг ёнига келиб:- Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлиши учун қандай савобли иш қилмоғим лозим? – деб сўради.
Исо унга деди:- Нега сен Мендан савобли иш ҳақида сўраяпсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким савоб эгаси эмас. Агар боқий ҳаётга эришмоқ истасанг, илоҳий амрларга риоя қил.
- Қайсиларига? – деб сўради у. Исо деди:- “Одам ўлдирма. Зино қилма. Ўғрилик қилма. Сохта гувоҳлик берма.
Ота-онангни ҳурмат қил. Ўзгани ўзинг каби сев”, деган амрларни-да.
Йигит Унга деди:- Мен буларнинг ҳаммасини ёшлигимдан сақлаб келаман. Менга яна нима етишмайди?
Исо унга:- Агар комил бўлишни истасанг, бор, ҳамма мол-мулкингни сотиб, пулини камбағалларга тарқат. Шундагина кўкда хазинанг бўлур. Ва кел, Менинг ортимдан эргаш, – деди.
Йигит бу сўзларни эшитиб, қайғу ичида у ердан чиқиб кетди. Чунки унинг пул-дунёси кўп эди.
Исо шогирдларига:- Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади.
Яна сизга айтаман: бой одамнинг Худо Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осондир, – деди.
Шогирдлари буни эшитиб, чандон таажжубландилар ва:- Ундай бўлса, ким нажот топа оларкан? – деб сўрадилар.
Исо уларга кўзларини тикиб:- Одамларга бу имконсиз, лекин Худога ҳамма нарса мумкиндир, – деди.
Бу сўзга жавобан, Бутрус Исога деди:- Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг орқангдан эргашиб келдик. Бунинг эвазига биз нима топармиз?
Исо уларга деди:- Сизга чинини айтайин: янги дунёда Инсон Ўғли Ўзининг улуғвор тахтида ўтирганида, Менинг орқамдан эргашиб келган сизлар ҳам ўн иккита тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласини ҳукм қиласизлар.
Мен учун уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, хотин-бола ёки ер-мулкини ташлаб кетган ҳар бир киши булардан юз ҳисса ортиқроғини топиб, абадий ҳаётга ноил бўлажак.
Лекин кўп биринчи бўлганлар охирги, охиргилар эса биринчи бўладилар.
Толкования стиха Скопировать ссылку Скопировать текст Добавить в избранное
Библ. энциклопедия Библейский словарь Словарь библ. образов Практическая симфония
Цитата из Библии каждое утро
TG: t.me/azbible
Viber: vb.me/azbible