Скрыть
1:18
1:20
1:21
1:24
Исо Масиҳнинг ҳаворийси мен, Бутрусдан – Понт, Галатия, Каппадокия, Асия ва Битиния вилоятларига тарқалган мумтоз мусофирларга салом!
Отамиз Худо Ўзининг азалий қарорига биноан сизларни танлади, Ўз Руҳи орқали муқаддас қилди, Исо Масиҳга итоат этмоғингиз орқали Унинг қони устингизга сепилиши учун имкон яратди.Сизларга Худо инояти кўпайиб, хотирингиз жам бўлсин.
Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бизга беҳад раҳм-шафқат кўрсатди, Исо Масиҳнинг тирилиши асосида бизни янгидан туғилтириб, тирик бир умидга эга қилди.
Самода сақланаётган беғубор, чиримас, сўлмас бир мерос сизларни кутмоқда.
Охирзамонда очиқ кўринишга тайёр бўлган улуғ нажотга эришмоғингиз учун, имонингиз туфайли, Худонинг қудрати билан қўриқланмоқдасизлар.
Шу сабабдан беҳад хурсандсизлар. Ҳозир турли васвасалар туфайли бироз қайғуришингизга тўғри келса-да,
лекин бу васвасалар имонингизни синаш учун фойдали эканлигини билинглар. Ҳатто фоний олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Шу сингари, олтиндан ҳам қимматли бўлган имонингиз синовдан ўтиб, Исо Масиҳ осмондан зоҳир бўлгач, сизларга мақтов ва шон-шараф келтирсин.
Сиз Масиҳни кўрмаган бўлсангиз ҳам, Унга муҳаббат боғлаяпсизлар. Ҳозир Масиҳни кўрмаган ҳолда Унга ишоняпсизлар ва сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада улуғ бир шодлик билан тўлиб-тошмоқдасизлар.
Чунки имонингизнинг натижаси ўлароқ жонларингиз учун нажот топмоқдасизлар.
Сизлар топган улуғ нажот тўғрисида қадим замон пайғамбарлари ҳам каромат қилганлар, улар Худо иноятининг моҳиятини синчиклаб текширганлар.
Масиҳнинг Руҳи уларда бор эди ва уларга Масиҳнинг чекадиган азоб-уқубатларию, охирида эришадиган шон-шуҳрати ҳақида олдиндан маълумот берар эди. Бундан илҳомланган пайғамбарлар Масиҳ Руҳи кимни ва қайси пайтни кўрсатаётганини англамоққа тиришардилар.
Аслида пайғамбарлар бу текширувларни ўзлари учун эмас, балки сизлар учун қилганликлари ҳақида Худодан ваҳий олганлар. Ҳатто фаришталар ҳам бу сирларни аниқлашни кўп орзу қиладилар. Ҳозирги даврда эса Инжил тарғиботчилари осмондан юборилган Муқаддас Руҳдан руҳланиб, буларни сизларга баён этдилар.
Шунинг учун фикр-зикрингиз ишда бўлсин, ҳушёр бўлинглар. Исо Масиҳ осмондан тушиб зоҳир бўлганда сизларга насиб бўлажак иноятга мутлақо умид боғланглар.
Гапга кўнадиган болалар каби бўлинглар, илгариги ғафлат пайтида сизларни қамраган эҳтиросларга қайтманглар.
Сизларни даъват этган Худо қандай муқаддас бўлса, сизлар ҳам бутун юриш-туришингизда шундай муқаддас бўлинглар.
Худо: “Муқаддас бўлинглар, зеро Мен муқаддасман”, деб айтгани ёзилган.
Ҳар бир кишини юз-хотир қилмасдан, қилмишига яраша тақдирловчи Худога сизлар Отамиз деб мурожаат қилар экансиз, у ҳолда мусофирчилик даврингизда Худодан қўрқиб яшанглар.
Биласизларки, ота-боболарингизнинг бемаъни турмуш тарзидан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига қутулмагансизлар.
Сизлар бенуқсон ва беғубор қўзи қонига ўхшаган Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар.
Масиҳ дунё бино бўлишидан бурун тайинланган бўлса ҳам, замоннинг охирида сизлар учун пайдо бўлди.
Сизлар Масиҳ воситасида Худога ишонасизлар. Худо Масиҳни тирилтириб, улуғворликка эриштирди. Бу имонда қаттиқ туринглар, Худога тамоман умид боғланглар.
Сизлар Илоҳий Руҳ ва ҳақиқатни тан олиб, жонларингизни пок қилиб, самимий биродарлик муҳаббатига эга бўлгансизлар. Шунинг учун бир-бирингизни чин юракдан, ихлос билан севинглар.
Сизлар фоний эмас, балки боқий уруғдан, яъни Худонинг ҳаётбахш, абадий каломи орқали янгидан туғилдингизлар.
Чунончи Тавротда шундай ёзилган*:“Бутун башар бир ўтга ўхшар,Ўтнинг гулидайдир унинг бор кўрки.Ўт қуриб қолар, гули ҳам тўкилар.
Аммо Худованд каломи абадий турар”.Ана шу калом – сизларга етиб келган Инжил Хушхабаридир.
Толкования стиха Скопировать ссылку Скопировать текст Добавить в избранное
Библ. энциклопедия Библейский словарь Словарь библ. образов Практическая симфония
Цитата из Библии каждое утро
TG: t.me/azbible
Viber: vb.me/azbible